Дада,
қошингизга келдим, ушбу кун
дўстлардан етганда ранж ила озор.
Дердингиз: қалбингни кемирса гар кин,
дилинг маҳзун этса айлангил мозор...
Дада,
тупроқларнинг бағрида ҳаёт
осуда эканми, йўқмикан армон?..
Ҳажру фироқлардан фақат одамзод
тирикликда чекар эканми афғон?
Дада,
Сиздан мадад, куч сўраб келдим!
Найлай, пойингизга эголмайман бош –
Сиз тупроқ остида, хотиржам, маъсум,
мен-чи тепангизда ғофил, бебардош!..
...Дада,
мен юрибман, ўша-ўша...
ғам
кўнглим ним этганча, юз бурганча бахт.
Вале васлингизга восил бўлар дам
ёруғ рухсор ила кўринмоқлик – аҳд!..
Дада,
тириклардан марҳумлар бисёр,
меҳрлари зиёд, озорлари йўқ!..
Беминнат мададкор, беун нажоткор –
фақат тинглагайлар, оҳ-зорлари йўқ!
Аммо тирикларнинг кўксида қаҳр,
сўзларида макр, қўйнида ханжар.
Бир зум ғафлат боссанг, чоҳлар мунтазир –
машъум қучоғига олар тубсиз жар...
Дада,
тирикларга меҳрингиз ҳаққи
тиланг шафоату инсоф-диёнат!
Оппоқ – ойдин йўллар етказсин токи
оппоқ манзилларга мени саломат!
Хуршидабону Ваҳобжон қизи,
2004 йил.

Комментарии