Ой кафтимда топади қўним

Ой тунда ялтирар мисоли олтин,
Ёрқин шуъласидан тун гўзал, ойдин.
Юлдузлар сўзлайди сирли эртаклар,
Олис болаликка гўё етаклар.

Ширин хотиралар тизилар бир-бир,
У ҳамон  қалбимда энг қимматли ганж.
Ойнинг нурларида акс этар соғинч,
Туннинг оғушида топилар юпанч.

Самовий чироқлар порлар беғубор,
Мен ҳамон мафтунман, мен ҳамон ғариб. 
Хаёллар учади, мисоли бир сор,
Олис манзиллардан бахтни ахтариб.

Ой шунда кафтимда топади қўним,
Дукурлаб уради юрак бетиним.
Бу сеҳрли олам, бу гўзал оқшом,
Руҳга бахш этади илҳом ва ором.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.

Комментарии

Популярные сообщения из этого блога