Ёмғир томчилайди очиқ кафтимга,
Жилға шилдирашин эслатар шу чоқ.
Қуёш дош беролмас қайноқ тафтимга,
Камалакни чизар, очаман қучоқ.
Булутлар ортида бир орзу ухлар,
Тонглар қучоғида ёруғ бир сўз бор.
Юрагим сатрида умидлар гуллар,
Ҳар нафас — яшашга бир даъват, изҳор.
Шамоллар эркалаб ўтар юзимдан,
Гўё кимдир мени секин чақирар.
Йўлим нурга тўлар эзгу изимдан,
Қалбим ҳамон сен деб, сен деб ҳапқирар.
Ёмғир ҳам, қуёш ҳам менга ҳамнафас,
Кеча ва кундузлар дилда эрур жо.
Томчилар аслида ишқдан бир нафас,
Дилпора ошиқдан ажиб илтижо.
Булутлар бағрида сирли бир ўтов,-
Чодирдаги сукут ичра исминг бор.
Вақт ҳам тўхтагандек — йўқдир бир ўлчов,
Севги — абадийлик, қолмаган девор.
Кўзларинг — тунларим юлдузи каби,
Йўлимни ёритар, адаштирмас ҳеч.
Сени кеч топгандим,энди йўқотмам,-
Донишманд ёмғирдан оладирман куч .
Ёмғир ҳам, қуёш ҳам биз учун гувоҳ,
Ҳар бир томчи — дилнинг пинҳон нидоси.
Қалблар туташган он — барҳам топар оҳ,
Севгимиз бўлгуси бахт ибтидоси.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР

Комментарии