ХОТИРА
У БИРИНЧИ ЎЗБЕК ФАНТАСТ ЁЗУВЧИ АЁЛИ ЭДИ!
Соҳиба Абдуллаева 1947 йили Тошкентда туғилган. Ҳозир ҳаёт бўлганларида 79 ёшни қаршилаган, янаги йил эса 80 йиллик юбилейларини нишонлаган бўлардик.
Афсуски, биринчи ўзбек фантаст ёзувчи аёли бундан бир йил олдин вафот этган эканлар. Биз бундан ҳамкасб ва ҳаммаслак яқинлари орадан бир йил ўтиб хабар топдик. Балки бунга ўзимизнинг лоқайдлигимиз, беэътиборлимиз сабаб бўлгандир? Эҳтимол, бунга Ўзбекистондаги МЕДИА нашрлар ҳам айбдордир, билмадим. Лекин биринчи ўзбек фантаст ёзувчи аёли вафот этганини ўша пайтда ҳеч қайси сайтда, босма нашрларда ўқимадик.
Ушбу мақоламиз биринчи ўзбек фантаст ёзувчи аёли, ҳожи она – Соҳиба Абдуллаеванинг порлоқ хотирасига бағишланади.
Соҳиба Абдуллаева Политехника университетида Кибернетика соҳаси бўйича ўқиганларини, кибернетика йўналишида илмий изланишлар олиб борганларини биламан. Кейинчалик адабиёт ва журналистика соҳасига бўлган қизиқишлари устун келиб, шу соҳага ўтиб кетган. Аввал Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, кейинчалик “Сирли олам” журнали, “Қалб кўзи” ҳафтаномасида фаолият юритган. “Сирли олам”да ишлаб юрган кезлари уларни Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита, Аёллар шўъбасига ишга таклиф қилишди ва шу ердан нафақага чиқдилар. Шу йиллар давомида мақолалар ёзиш билан бирга ажойиб фантастик ҳикоялар ёзишда давом этдилар.
“ТЕЛЕТУШКЎРСАТКИЧ – ҲАЁТГА ТАТБИҚ ЭТИЛДИ!”
Илк марта Соҳиба Абдуллаева билан танишувимиз сиртдан бўлган.
1977-78 йилларда биз мактабда ўқир, шу билан бирга илмий фантастик асарларга жуда қизиқардик. Кунларнинг бирида амакимнинг ўғиллари, ҳам синфдошим, заҳирадаги подполковник – Авазжон Иброҳимов “Фан ва турмуш” журналини кўтариб чиқди. Унда Соҳиба Абдуллаеванинг “Телетушкўрсакткич” номли фантастик ҳикояси босилган эди. Ўшанда синфдошим: “Қара, манави қиз жудаям ажойиб ҳикоя ёзибди. Одамнинг тушини тасвирга айлантириб берадиган асбоб ҳақида экан”, – деди. Ҳикоянинг бош мавзуси эса аёлнинг ички изтироблари эди. У аёл “эрим менга хиёнат қиляпти” деб ўйлаб, эрининг тушларини кўриш учун телетушкўрсатгич қурилмасига мурожаат қилади. У пайтлар биз мактаб ўқувчилари бу ҳикояни катта қизиқиш билан ўқиб чиққандик. Орадан йиллар ўтиб, 1990 йилларда Соҳиба опанинг фантастик тўқималари олимлар томонидан ҳаётда ҳам кашф қилинди. Бу ҳодиса билан биз адибани чин кўнгилдан табриклаб, буни матбуотда ҳам ёритган эдик. Чунки ўша кезлари ривожланган чет давлатларида илмий фантастика техника йўналишида ўқийдиган талабаларга алоҳида фан сифатида ўқитиларди. Негаки, кейинчалик ёзувчи ўртага ташлаган илмий гипотеза ўйлашга ва уни рўёбга оширишга йўл очар эди.
Масалан, бир пайтлар Ойга учиш ҳам фантастика, ақл бовар қилмайдиган иш ҳисобланарди. Буни биринчи бўлиб, қаламга олган ёзувчи Жюль Верн эди. Шу каби фантаст ёзувчиларнинг гипотезалари бир кун келиб амалга ошиши муқаррар ҳисобланарди.
МУҲАББАТНИ ТУШУНМАГАН “САМОВОТ ЎҒЛИ”
Соҳиба опа билан танишувимиз ҳам қизиқ бўлган. Мен у кезлари фантаст ёзувчилардан фақат Тоҳир Маликнигина танир эдим. Тоҳир ака: “Фантастика жанрида ижод қиладиган сизнинг опа ва акаларингиз бор. Сизни улар билан таништириб қўяман ва “Ёшлик” журнали қошида «Фантастлар клуби»ни ташкил қиламиз”, – дегандилар.
Ўша пайтларда фантастика жанрида фақат ривожланган давлат ёзувчиларигина ижод қиларди. Буларга жумласига, АҚШ, Европа давлатлари, шу билан бирга собиқ иттифоқ ҳам кирарди. Ўрта Осиёда эса ўша йиллар фақат Ўзбекистонда фантастика жанрида ёзадиган ижодкорлар бор эди. Ўзбек фантастикасига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адиб – Ҳожиакбар Шайхов асос солганлар ва Тоҳир Малик билан биргаликда фантаст ёзувчиларнинг ҳақиқий раҳнамоси бўлганлар.
Тоҳир ака ўзбекистонлик ижодкорлар орасида фантаст ёзувчилар борлигидан қувонардилар. “Туркман, тожик, қозоқларда бу жанрда ижод қиладиганлар йўқ, фақат бизда бор!” дер эдилар. Шунинг учун ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўз олдига мақсад қилиб қўйганди.
“Ёшлик” журнали таҳририятида ёш фантаст ижодкорларнинг йиғилиши бўлган. Шу йиғилишда мен Рустам Обид, Абдуқаюм Йўлдошев, Озод Мўмин, Ҳасан-Ҳусан Турсуновлар, Муҳаббат Йўлдошева каби ижодкорлар билан танишдим.
Соҳиба опа йиғилишга сал кечикиб келдилар. Опа кулча юзли, хушрўйгина аёл экан. Ўша онда улар билан танишаётиб, биз қизлар уларга жуда ҳавас қилганмиз.
Соҳиба опа бизга устоз мақомида эди. Ҳаётий муаммоларимизга ҳам эътиборли бўлган. Турмушда ҳам, ижодда бизга намуна бўлган. Керак пайтда ёрдамларини, маслаҳатларини аямаган.
Соҳиба опанинг кўнгли очиқ инсонлиги, олийжаноблиги шунда эдики, улар ўзларига раво кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўрарди. Агар китоб чиқарсалар, бизнинг ҳам китобимиз чиқишини истар эдилар.
Биз Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлишимизга ҳам улар сабабчи бўлиб, амалий ёрдам берганлар. “Мана китобингиз чиқди, Уюшмага аъзо бўлинг, ҳужжатларингизни тайёрланг!” – деб мени тезлаган одам ҳам Соҳиба опа бўладилар. Ўша кезлари “сиз катта ёзувчи бўласиз!” деб кўнглимни кўтаргандилар. Рус атоқли ёзувчилари Геннадий Мартович Прашкевич, Спартак Ахметов билан ҳам бизни Соҳиба опа таништиргандилар. Шу баҳона Иттифоқ миқёсида бўладиган Фантаст ёзувчилар семинарларида иштирок этганмиз ва ҳикояларимиз рус нашрларида чоп этилган. Бунга ҳам бош сабабчи – Соҳиба опа бўладилар.
Рус ёзувчилари Соҳиба Абдуллаевани жуда ҳурмат қилишарди. Ўзбек ёзувчи аёли асарларидаги миллий муҳит ва ўзига хосликни алоҳида қадрлашарди.
Ёдимда, шу семинарларда таҳлил қилиниб, танлаб олинган асарлар “Румбы фантастики” номи билан тўпламга киритиларди. Шу тўпламларнинг бири Соҳиба опанинг «Самовот ўғли» ҳикоялари номи билан «Сын небес» деб аталган эди. Ҳикояда Ёрқин исмли йигитнинг фазовий кемада туғилиши ва улғайиши ёритилган. Бизга маълумки, фазода масофа ёруғлик йили билан ўлчанади. Бошқа сайёраларга бориш учун бир одамнинг умри етмайди. Шу маънода Ёрқин фазовий кемада дунёга келади ва Ер ҳаётини видеотасмалар орқали кўриб ўрганади. Айниқса, у билан бўлган учрашувда ерлик қизнинг унга «Сиз муҳаббатга ишонасизми?» деган саволи ўйлантириб қўяди. Чунки, у Ердан узоқда бундай муносабатлардан мосуво улғайган эди.
Соҳиба Абдуллаеванинг ҳар бир асари миллий руҳ билан суғорилган. Уларнинг ҳар бирида «Самовот ўғли»да қаламга олинган инсоний туйғулар тараннум этилади.
«АЁЛЛАР САЛТАНАТИ» – ШОВ-ШУВ БЎЛГАН АСАР!
Айниқса, адибанинг «Аёллар салтанати» номли асари ўз пайтида тилга тушиб, шов-шув бўлганди. Бу ҳикоя чет эллик ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотган. Унда бир сайёрада эркаклар танбаллашиб кетиб, ҳокимиятни бошқариш аёллар қўлига ўтади. Бу сайёрада аёллар ўз аёллик вазифаларини унутадилар ва фарзанд кўрмайдиган бўлиб қоладилар. Шунда Ерга учиб келган фазовий кемадаги Лаёлаш исмли ўзга сайёралик аёл ўзбек аёлининг аёллик ва оналик туйғуларини ўрганади, уларни қурилмага кўчириб олиб, ўз сайёрасига олиб кетади. Соҳиба опа бу асарлари билан ўтган асрнинг охирларида Европа давлатларида авж олаётган аёллар эмансипациясини танқид остига олган, аёллик – оналик туйғулари энг гўзал туйғу эканини ёритган эдилар. Шу каби адибанинг «Тўй кўйлаги», «Бир жуфт терак», «Тунги ташрифлар» номли фантастик ҳикоялари инсоний туйғуларни, миллий қадриятларимизни тараннум этади. Бу ҳикояларнинг аксарияти қардош тилларга ўгирилган. Адибанинг рус тилида ҳам бир нечта китоблари чоп этилган.
Соҳиба Абдуллаева кейинчалик ҳам ижодни давом эттирдилар, китоблар чоп этдилар. Охирги асарлари «Отамдан қолган далалар» номи билан чоп этилди. Бу кўпроқ оталари, ўз ҳаётлари ҳақида ёзилган автобиографик асар эди. Афсуски, кейинги йилларда наинки, фантаст ёзувчиларга, умуман прозаик ижодкорларга эътибор сусайди. Ёзувчилар ўз ёнларидан китобларини чоп эттира бошладилар. Соҳиба опа охирги китобларини ҳам ўз ёнларидан чоп эттирган эдилар. Ўшанда адиба опамиз бир нечта давлат нашриётларига мурожаат этганларини ва уларнинг ҳаммаси улардан пул сўраганини айтиб, хафа бўлган эдилар.
“ЧАҚҚОН, ПАЗАНДА ВА МОҲИР ЧЕВАР ЭДИЛАР!”
Соҳиба опа яхши уй бекаси, меҳрибон она ҳам эдилар. Улар икки ўғил ва бир қизни вояга етказдилар. Улардан шириндан-шакар неваралар, эваралар кўрдилар. Уларда бари ўзбек аёлларига хос бўлган ҳамма фазилатлар мужассам эди. Мен ҳали турмушга чиқмаган пайтим, учта фарзанд, турмуш ўртоқлари, рўзғор юмушлари ва яна иш ва ижод – буларнинг ҳаммасига қандай улгуришларига ҳайрон қолардим.
Соҳиба опамиз бизни жуда кўп бор уйларига таклиф қилганлар. Уларнинг фарзандлари кўз ўнгимизда катта бўлган, десам, янглишмайман. Бирпасда овқат пишириб, сомса ҳам ёпар эдилар. Овқатга сабзавотларни тахтакачсиз қўлда тўғрашни Соҳиба опадан ўрганганман. Яна сомсага хамир қориб, чаққонлик билан пишириб қўярдилар. Ўшанда “Соҳиба опа жуда чаққон аёл эканлар, шунга ҳамма ишларга улгурар эканлар-да” деб ўйлаганман. Шу билан бирга улар моҳир чевар ҳам эдилар. Қўни-қўшни, қариндошларга кўйлак тикиб берардилар. Бир пайтлар тикувчилик қилиб, олмос кўзли зирак олганларини ҳам гапириб бергандилар.
Улар тўкин-сочинликни яхши кўрадиган ва бундай фаровон ҳаётга ўз меҳнатлари билан эришишни истайдиган ориятли аёл бўлганлар. Шу билан бирга меҳмондўст ҳам эдилар. Кўпинча, мен билан Муҳаббат Йўлдошевани уйларига таклиф қилиб, меҳмон қилар эдилар ва бизнинг суҳбатларимиз узоқ давом этарди. Ўша кезлари фантаст ёзувчилар – жуда аҳил бўлганмиз ва бизда соғлом ижодий муҳит бор эди.
Менинг “Сирли олам” журналига ишга ўтишимга ҳам Соҳиба опа сабабчи бўлганлар. Ўша йилларда Ҳожиакбар Шайхов бошчилигидаги бу журналнинг донғи кетган, бу жамоада Мурод Ҳидир, Рустам Обид, Абдуқаюм Йўлдошев, Бозор Холли каби иқтидорли ёзувчилар ишлашарди. Ўшанда мен “Кино” журналида ишлар ва бу журнал ёпилгани сабабли, бир муддат ишсиз қолган эдим. Шунда Соҳиба опа Ҳожиакбар Шайховга: “Мавлуда яхши журналист, қалами ўткир, уни дарров жамоамизга ишга олмасак, бошқалар олиб қўйишади!” – деганлари эсимда. Кейинчалик жамоамизга ёш ижодкор – Музаффар Муҳаммадназар ҳам қўшилди. У жамоамиздаги энг ёш ва энг иқтидорли ижодкорлардан бири бўлган.
“Сирли олам” жамоасида Ҳожиакбар Шайхов бошчилигида жуда аҳил бўлиб ишлаганмиз. Ҳожиакбар ака бизга ижод қилишимиз учун ҳам шароит яратиб берганлар. Шунинг учун ҳам ишга бемалол келар ва эртароқ кетар эдик. Шу сабабли журналимизда кучли мақолалар босиларди ва ҳар бир сони шов-шув бўларди.
“СУМАЛАК ПИШИРИШДА УЛАРГА ЕТАДИГАНИ ЙЎҚ ЭДИ!”
Соҳиба опанинг уйларида “Сирли олам” жамоасидаги аёллар билан сумалак пиширганимиз ҳам эсимда. Опанинг ўзлари бозордан буғдой олиб, ўзлари ундирганлар ва бизни уйларига таклиф қилганлар. Шу қадар меҳмондўст, чарчаш нималигини билмайдиган аёл эдилар. Ўша куни кечга бориб ҳамма толиқиб ухлаб қолган. Фақат Соҳиба опа иккимизгина эрталабгача ухламаганмиз. Соҳиба опа сумалакни шу қадар ширин қилиб тайёрлар эдиларки, ҳеч ким улардай пишира олмасди. Ҳатто бир пайтлар сумалак ҳақида чиройли шеър ҳам ёзган эдилар ва у “Қозонларда қайнар сумалак, Атрофида қиз-жувон ҳалак!” деб бошланарди.
Опа ижодда ҳам, рўзғор юмушларида ҳам илғор эдилар. Меҳмонни ҳам чиройли кутар эдилар. Уйлари ораста ва дид билан безатилган бўларди. Келин олиб, қизларини узатгач, уларга энг биринчи дастёр бўлдилар. Бошқа қайноналарга ўхшаб, барча уй юмушларини келинларининг зиммасига юклаб қўймадилар. Улар фарзандли бўлгач, невараларига ҳам ғамхўрлик қилганлар. Мен ҳатто, улар ҳақида “Бекажон”да “Келинимни яхши кўраман” номли мақола ҳам чоп этган эдим.
Бу кунларнинг бари йиллар қаърида қолиб кетди. Афсуски, ҳаётлик пайтларида уларга, умуман ёзувчиларга етарли даражада эътибор бўлмади. Умри, ижоди кўпчиликка ўрнак бўладиган ўзбек аёли, адибаси қандай камтар яшаган бўлса, худди шундай жимгина кетди...
Улар унвонлар олишга қизиқмадилар. Ижтимоий тармоқларда ўзларини кўз-кўз қилмадилар. Бундан кўра ибодатни, оилани устун қўйдилар. Улар икки марта Ҳаж сафарини, бир неча бор Умра сафарини адо этган ҳожи Она ҳам эдилар. Бу чеҳраси нурли аёлнинг охиратлари ҳам чиройли бўлишига ишонаман.
Соҳиба опажон, устоз – охиратингиз обод бўлсин! Аллоҳ Сизни жаннатлари билан сийласин!
Хотирангиз, ёзган асарларингиз ҳамиша қалбимизда яшайди.
Сиз тарихда барибир Биринчи ўзбек фантаст аёли сифатида қоласиз!
Мавлуда ИБРОҲИМОВА.
Суратда (чапдан ўнгга): ўзбек фантаст адибалари – Мавлуда Иброҳимова (Нигина Ниёз) ва Соҳиба Абдуллаева.
1993 йил.

Комментарии